Бугун, 2 июнь куни Самарқанд шаҳрида "Кафтимиздаги Буюк Ипак йўли – Ўзбекистон ва Хитой инновация ҳамда тадбиркорлик бўйича ҳамкорлик" мавзусидаги халқаро аёллар форуми ўтказилди. Форум доирасида аёлларнинг инновацион ташаббуслари ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Форумнинг асосий мақсади Ўзбекистон ва Хитой минтақалари ўртасида инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорлик, савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни кучайтиришда хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш, икки давлат тадбиркор аёллари ўртасида тўғридан-тўғри шерикликни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларида тажриба алмашиш учун қулай мулоқот майдонини яратишдан иборат.
Ҳозирда аёлларнинг инновацион ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, уларнинг бизнес имкониятларини кенгайтириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бутун дунёда иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили сифатида эътироф этилмоқда. Тадбиркорликда аёлларнинг фаол иштироки нафақат гендер тенглигини таъминлайди, балки мамлакатлар иқтисодиётига янги ғоялар ва инновацион ёндашувларни олиб киради, барқарор иқтисодий ривожланишнинг муҳим шартларидан бири бўлиб хизмат қилади.