
Бугун, 15 май куни Сурхондарё вилоятида кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун муҳим учрашув бўлиб ўтди. Кичик бизнес уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда ҳудуддаги 300 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди.
Мулоқотда Бизнес-омбудсман девони, Савдо-саноат палатаси, вилоят ҳокимлиги, солиқ, божхона, Марказий банк ва тижорат банкларининг вакиллари қатнашди.
Тадбир давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволлар, янги ғоялар ва муаммоларни бевосита масъул шахсларга етказиш имконига эга бўлдилар. Хусусан, фаолиятни кенгайтириш учун ер майдонларини ажратиш ва мулкни расмийлаштириш тартиблари, субсидия ва кредит маблағларини олиш, дебитор қарздорликларни ундириш ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш каби мавзулар кенг муҳокама қилинди.