19 февраля 2025 г.

Экологик муаммолар: глобал таҳдидлар ва уларнинг ечими

 

Бугун юртимиздаги жадал ривожланишлар ва иқтисодий ўсишларни эътироф эта туриб, экологик муаммолар таҳдидига ҳам бефарқ қарамаслигимиз зарур. Экологик муаммолар, жумладан, атмосферанинг ифлосланиши саломатликка ва атроф-муҳитга жиддий хавф солмоқда. Мазкур муаммо тараққиётнинг иккинчи томони сифатида, табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик оқибати бўлиши баробарида, мамлакатда саноат ишлаб чиқариши ва автомобиллар сонининг кескин ошиши ортидан атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар ва чиқиндилар миқдорининг ортиши билан ҳам боғлиқдир. Бу эса аҳоли саломатлигига, биологик хилма-хилликка ва умуман, экологик барқарорликка таҳдид солмоқда.

 

Aтмосферадаги ифлосланишга сабабчи омиллар

Мамлакатимизда ҳавонинг ифлосланиши асосан иссиқхона хўжаликлари ва саноат корхоналари фаолияти билан боғлиқ. Чунки Ўзбекистонда йиллик иссиқхона хўжаликларидан атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдори 1 миллион тоннага етади. Бу эса, нафақат глобал исиш жараёнларини кучайтиради, балки маҳаллий экологик муҳитни ҳам хавф остига қўяди. Масалан, саноат корхоналаридан йирик ишлаб чиқариш компанияларини олайлик, улар ўз фаолиятида етарлича самарали фильтрлар ва тозалаш ускуналаридан фойдаланмасликлари туфайли атмосферага кўплаб зарарли моддаларни чиқаради. Бироқ ушбу глобал жараёнга автомобил транспортлари сонининг йил сайин ошиб бораётгани ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Мисол учун, Тошкент шаҳрида 2023 йилда рўйхатга олинган 500 мингдан ортиқ автомобилнинг 60% ҳаво ифлосланишига сабаб бўлаётган транспорт воситаларини ташкил этади.

Бу борада қурилиш ишларининг кучайиши ҳам алоҳида бир мавзу аслида. Чунки йилдан-йилга қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва қурилиш жараёнларида чиқиндиларнинг атмосферага кўтарилиши ҳам ортиб боряпти. Шунингдек, иссиқхона хўжаликларида ёқилғидан фойдаланиш ва замонавий технологияларнинг етишмаслиги ҳам атмосфера ифлосланишининг яна бир омили сифатида кўрилади.

 

Экологик муаммоларга қарши кураш: саноатни модернизация қилиш ва экологик транспортга ўтиш

Экологик муаммоларни ҳал қилиш учун комплекс ёндашув жуда зарур. Аввало, саноат корхоналарини модернизация қилиш ва уларда замонавий фильтрлар, чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш муҳимдир. Бу нафақат чиқиндиларни камайтиришга олиб келади, балки халқ саломатлигини ҳам яхшилайди. Масалан, йирик саноат корхоналари технологияларини янгилаш орқали зарарли моддаларни 50% гача камайтириш имкониятига эга. Шунингдек, автомобиль транспортини модернизация қилиш ва экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш зарур. Электрон автомобиллар ва бошқа экологик тоза транспорт воситаларини кўпайтириш орқали автомобиллар сони ортиб бораётган шаҳарларда ҳавонинг ифлосланишини камайтириш мумкин.

Қурилиш ишларини назорат қилиш ва экологик талабларга риоя қилишни таъминлаш учун қатъий нормативлар ва қонунлар жорий этиш шарт. Қурилиш материалларининг экологик тозалигини текшириш, чиқиндиларни тўғри утилизация қилиш жараёнини, албатта, йўлга қўйиш зарур. Иссиқхона хўжаликларида энергия тежовчи ва экологик тоза технологияларни қўллаш орқали атмосферага зарарли газлар чиқарилишини камайтиришга эришиш мумкин. Ўзбекистонда бу борада иссиқхона хўжаликларида янги технологияларни жорий этиш орқали карбонат ангидрид гази чиқишини 1 миллион тоннадан ортиққа қисқартирса бўлади.

 

Экологик маданият: аҳолининг атроф-муҳитга муносабатини ўзгартириш зарурати

Мазкур глобал муаммо ечимида – аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳам муҳим йўналишлардан бири. Одамларнинг экологик билимларини ошириш ва уларни атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга ўргатиш зарурати жамоатчилик назорати даражасига олиб чиқилиши керак. Шу билан бирга, юртимизда экологик таълимни кучайтириш, экологик ахборотнинг кенг тарқалишини таъминлаш, экологик хавф-хатарлардан хабардор қилиш орқали ҳам аҳолининг атроф-муҳитга бўлган муносабатини яхшилаш мумкин.

 

Экологик барқарорликни таъминлаш учун ҳамкорлик зарур

Юртимизда экологик муаммоларни ҳал қилиш учун давлат органлари, тадбиркорлар ва аҳоли ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур. Экологик талабларга риоя қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш – буларнинг барчаси атроф-муҳитни сақлашга кўмаклашувчи ва барқарор ривожланишга йўл очадиган муҳим қадамлар ҳисобланади.

 

Яшил келажак учун глобал масъулият керак

Юртимиздаги экологик муаммоларни ҳал қилишда ҳар биримизнинг ҳиссамиз катта эканлигини унутмаслигимиз керак. Фақат давлат ва аҳоли ўртасидаги ҳамкорлик, инновацион технологиялар ва экологик онгни ошириш орқалигина биз – тоза ҳаво, соғлом атроф-муҳитга эга бўлишимиз мумкин. Шуни ёдда тутиш керакки, экология – бу нафақат бугунги кун, балки келажак авлод – фарзандларимиз учун ҳам муҳимдир.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Уполномоченный

Важным аспектом нынешних реформ не является поиск недостатков предпринимателей и наказывать их, а научить их правильно организовывать свою работу

Text to speech
Звуковое сопровождение