Самарқанд вилоятида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ва жорий этилаётган янги тартиблар юзасидан бир қатор семинарлар бўлиб ўтди. Ушбу семинарлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги "Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан таништиришга бағишланди.
Семинарларда "Ўзэнергоинспекция" Самарқанд вилоят
ҳудудий бошқармаси ходимларининг билим синовларини ошириш, тадбиркорлик
субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувларни "Ягона давлат
назорати" ахборот тизимида рўйхатга олиш, жорий этилаётган янги тартиблар
ва соҳадаги ўзгаришлар бўйича тушунчалар берилди.
Шунингдек, "Сувхўжаликназорат" инспекцияси
Самарқанд вилоят бошқармасида сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқий тартибни
мустаҳкамлашга қаратилган ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда сув хўжалиги объектлари
хавфсизлигини таъминлаш ва сувдан фойдаланишда қонунбузилиш хавфини таҳлил
қилиш тизимини жорий этиш тартиби ҳақида фикр алмашилди.
Семинарлар давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган
саволларга батафсил жавоблар олишди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан
таклиф ва мулоҳазалар билдиришди.
Бизнес-омбудсман томонидан ташкил этилаётган бундай семинарлар тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, бизнес муҳитини яхшилаш ва соҳадаги муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.