Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 январдаги "Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-20-сон қарори қабул қилинди.
2025 йил 1 февралдан:
божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида тайёрланган маҳсулотларни кейинги ишлаб чиқарувчилар томонидан саноат кооперацияси тартибида қайта ишлаш учун божхона ҳудудида қайта ишлаш режимига жойлаштиришга рухсат берилади;
Ишлаб чиқарувчилар экотизимида савдолар давлат буюртмачилари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида электрон дўкон тартиб-таомиллари асосида, шартнома қиймати билан боғлиқ чекловларсиз ўтказилади, бунда оферталар маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат маълумотлари асосида шакллантирилади;
корхоналарнинг ривожланиш ва тадқиқот марказлари фаолиятини йўлга қўйиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган лаборатория жиҳозлари ва анжомлари 2028 йил 1 февралгача божхона божидан озод этилади.