
Бугун, 24 январь куни Бизнес-омбудсман
девонида экспортёр тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Бизнес-омбудсман
ўринбосари Жамшид Урунов, Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раиси Ёрқинжон
Маликов ва тадбиркорлар иштирок этди.
Мулоқот давомида тадбиркорлар
давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликда дуч келаётган муаммоларини очиқ
муҳокама қилдилар.
Хусусан, солиқ қонунчилиги,
молиявий имкониятлар, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва стандартлаштириш
масалалари юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Мамлакатимизда экспорт
ҳажмини ошириш – устувор вазифалардан бири. Бунинг учун экспортчиларни ҳар
томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган бюрократик
муаммоларни бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга.
Учрашув давомида «Ўзбекистон-2030» стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2025 йилда самарали амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
Бизнес-омбудсман девони экспортчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун қулай бизнес муҳитини яратиш йўлида фаол иш олиб боради.