Куни кеча, 15 январь куни Тошкентда "Тараққиёт стратегияси" маркази БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори офиси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини "Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастури" лойиҳасининг халқаро ҳамжамият билан жамоатчилик муҳокамасини ўтказди.
Ушбу муҳокамада 200 дан ортиқ экспертлар, жумладан, Олий
Мажлис Сенати аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари,
Бизнес-омбудсман девони ходимлари, Ўзбекистондаги хорижий дипломатик корпус ва
халқаро ташкилотлар, вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари, "Тараққиёт
стратегияси" маркази экспертлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ
вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда БМТ агентликларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари
раҳбарлари ва экспертлари (UNICEF, UNESCO, UNDP, FAO, UNFPA, UNAIDS, UNODC,
ILO, WHO, UNHCR, UNECE), Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва
тараққиёт банки, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти вакиллари ҳамда
дунёнинг турли чеккаларидан 30 дан ортиқ хорижий экспертлар қатнашдилар.
Муҳокамалар давомида Давлат дастури лойиҳасида
белгиланаётган чора-тадбирлар ва вазифалар бугунги глобаллашув жараёнида янги
Ўзбекистоннинг халқ фаровонлиги, тинчлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари
кафолатини таъминлайдиган эркин жамият ва адолатли давлат қуришга қаратилган
концептуал ҳужжат эканлиги таъкидланди.
Давлат дастури лойиҳасининг асосий жиҳатлари:
2025 йил Давлат дастури лойиҳасида 295 та амалий
чора-тадбирлар, 87 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, 269 та мақсадли кўрсаткичлар
белгиланиши назарда тутилмоқда.
"Ўзбекистон – 2030" стратегияси лойиҳаси 2025 йил
8 январдан бошлаб "Тараққиёт стратегияси" марказининг
www.uzbekistan2030.uz порталига кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Тадбир якунида ушбу Фармон лойиҳасининг бандларида
белгиланаётган вазифаларни такомиллаштиришда ҳалқаро экспертларнинг
фикр-мулоҳазалари алмашилди.
2025-йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасини
жамоатчилик, шу жумладан, халқаро ҳамжамият вакиллари билан муҳокама қилиш
орқали уни такомиллаштириш, халқчиллигини таъминлаш ва ҳужжатнинг халқаро
стандартларга тўлиқ мос келишини таъминлашга қаратилганлиги алоҳида аҳамиятга
эга.
Ушбу Давлат дастури лойиҳаси тадбиркорлик муҳитини яхшилаш,
инвестицияларни жалб қилиш ва иш ўринларини яратишга қаратилган
чора-тадбирларни ўз ичига олади. Бизнес-омбудсман девони ушбу жараёнда фаол
иштирок этиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳисса
қўшади.