Бугун, 20 декабрь куни АОКАда Бизнес-омбудсман девони
Ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова иштирокида "Тадбиркорлик
фаолиятида ва унинг устидан давлат назорати жараёнларида коррупция хавфини
камайтириш" мавзусидаги халқаро бизнес-форум хусусида брифинг бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 18 декабрь куни пойтахтимиздаги “International
Hotel Tashkent” меҳмонхонасида "Тадбиркорлик фаолиятида ва унинг устидан
давлат назорати жараёнларида коррупция хавфини камайтириш" мавзусидаги
учинчи халқаро бизнес-форум бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли анжуман Бизнес-омбудсман, Коррупцияга қарши
курашиш агентлиги ҳамда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича
бошқармаси ҳамкорлигида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига
бағишлаб ташкил этилди.
Форумнинг асосий мақсади бизнес ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан
назорат қилиш тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш
соҳасида тажриба алмашишдан иборат.
Форумда хорижий Бизнес-омбудсманлар, вазирлик ва идоралар,
назорат органлари, тадбиркорлик субъектлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар,
нодавлат нотижорат ташкилотларининг 100 дан ортиқ вакиллари ҳамда оммавий ахборот
воситалари ходимлари иштирок этди.
Маълумки, мамлакатимиз ҳалол бизнес юритиш учун қулай муҳит
яратиш борасида қатъий саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда. Хусусан, 2024 йил
бошида тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилди. Бу рейтинг
қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик
субъектларини аниқлаш ва уларни рағбатлантириш имконини бермоқда.
Тадбирда иштирок этган халқаро ташкилотлар вакиллари
томонидан ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар эътироф этилиб, олиб
борилаётган саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг равишда форум мавзуси долзарб эканлиги
қайд этилди.
Форум иккита сессиядан иборат бўлиб, биринчи сессияда
бизнеснинг ҳалоллигини сақлаш муаммолари: босим омиллари ва уларни бартараф
этиш йўллари ҳақидаги маърузалар тингланди. Иккинчи сессияда иқтисодий ва
коррупцияга қарши сиёсатга риоя этилишини таъминлашда давлат назорати ва
ҳуқуқни қўллаш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Уч йилдирки, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва
хусусий секторни шаффоф ва очиқ фаолият юритишни таъминлашнинг долзарб
масалаларини муҳокама қилиш учун бирлаштирувчи бизнес ҳалоллиги масалаларига
бағишланган форум ўтказилмоқда.
2021 йилда илк бора ўтказилган форумда Ўзбекистон бизнес
ҳалоллиги хартияси қабул қилинган бўлиб, у молия, коррупцияга қарши курашиш ва
давлат харидлари каби муҳим соҳаларда шаффофлик ва ҳалолликнинг юқори
стандартларини белгилайди. Хартияга қўшилиб, тадбиркорлар ҳалол рақобат,
коррупциянинг олдини олиш ва ижтимоий масъулият тамойилларига риоя қилиш
мажбуриятини оладилар.
Ҳужжат Бизнес-омбудсман, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
ва Савдо-саноат палатаси томонидан ишлаб чиқилган. Қисқа вақт ичида Хартияга
кўплаб тадбиркорлар қўшилди ва шу билан бизнес юритишда ҳалоллик ва очиқликка
тайёр эканликларини билдирдилар.
Форум якунида тадбиркорлик субъектларининг Коррупцияга қарши
курашиш Хартиясига қўшилишига бағишланган тантанали маросим ўтказилди ва унда
Хартияга қўшилган 15 та тадбиркорлик субъектларига сертификатлар топширилди.
Форум тафсилотлари 20 га яқин оммавий ахборот воситаларида
кенг ёритилди.
Фурсатдан фойдаланиб, ўзининг намунали фаолияти билан
юртимизда коррупцияга қарши курашишга ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган
тадбиркорларимизни Хартияга қўшилишга чорлаб қоламиз!