Ижтимоий тармоқларда фуқаролар мурожаат ва шикоятлари асосида тадбиркорлар фаолиятида текширувлар ўтказиш тартиби бўйича тарқалган хабар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Маълумки, Қонунга кўра, Бизнес-омбудсман фаолиятининг асосий
вазифаларидан бири тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг текширувларини
мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик
субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни
амалга оширишдан иборат.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларнинг
олдини олиш, назорат қилувчи органларнинг масъулиятини ошириш ва фаолияти
очиқлигини таъминлаш мақсадида "Ягона давлат назорати" ахборот тизими
ишга туширилган.
Мазкур тизимдан ўтказиладиган текширувларнинг шаффофлигини
таъминлаш учун назорат қилувчи орган вакиллари ҳам, тадбиркорлар ҳам
фойдаланиши мумкин.
Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари
фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги
Низомга кўра, назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини
давлат томонидан назорат қилишга қонунчилик билан ваколат берилган давлат
органлари ва ташкилотлари ҳисобланади. Текширувни ўтказиш ваколатли орган билан
келишилган ёки уни хабардор этган ҳолда (2025 йил 1 январдан эса хабардор этган
ёки текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида хабардор этган ҳолда) Ахборот
тизимида рўйхатга олиш орқали ўтказилади.
Яъни, ҳозирда амалдаги тартибга кўра, келишилган тартибда
ўтказиладиган текширувларда текширувни ўтказишни ваколатли орган билан келишиш
назорат қилувчи орган вазифаси ҳисобланади. Бунда текширувни ўтказишни
келишишда Бизнес-омбудсман девони томонидан амалдаги қонунчилик талабларига
кўра буюртма кўриб чиқилади ва текширув ўтказишга етарли асослар мавжуд бўлган
тақдирда рухсат берилади.
Шуни унутмаслик лозимки, давлатимизда тадбиркорларнинг
ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш
устувор вазифа саналади. Шу билан бирга, Бизнес-омбудсман тадбиркорларни ҳам ўз
фаолиятларини қонун ҳужжатлари доирасида амалга оширишга, инсон ҳуқуқларига
риоя қилишга чорлайди.