Тадбиркорлар учун муҳим янгилик
Президент томонидан 21 октябрда имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ўзгартириш киритилди.
Қонунга кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган ҳисобот ва статистика маълумотларининг ягона рўйхатига киритилмаган статистика, молия, солиқ ҳисоботини ва бошқа ҳисоботни, шунингдек қонунчиликда назарда тутилмаган ўзга ҳужжатларни, шу жумладан банк ҳисобварағини очишда ортиқча ҳужжатларни тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиб олганлик, худди шунингдек мазкур ягона рўйхатга киритилган ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддатлари ва тартибига зид равишда талаб қилиб олганлик учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.
Эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-10-моддасига кўра, тадбиркорлик субъектларидан қонунчиликда назарда тутилмаган статистика, молия, солиқ ҳисоботини ва бошқа ҳисоботни, шунингдек ўзга ҳужжатларни, шу жумладан банк ҳисобварағини очишда ортиқча ҳужжатларни талаб қилиб олиш, худди шунингдек қонунчиликда назарда тутилган ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддатлари ва тартибига зид равишда талаб қилиб олиш, мансабдор шахслар ва хизматчиларга БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача (7,5 млн сўмдан 15 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахслар ва хизматчиларга БҲМнинг 40 бараваридан 60 бараваригача (15 млн сўмдан 22,5 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳурматли тадбиркорлар, ҳақ-ҳуқуқларингиз бўйича қонунбузарликларга дуч келаётган бўлсангиз албатта Бизнес-омбудсманга мурожаат қилинг. Бизнес-омбудсман тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади.