“Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-358-сон, 14.10.2024 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидагиларни
назарда тутувчи Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар
ривожлантириш стратегияси тасдиқланди:
Сунъий интеллект
технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш бўйича эришиш лозим бўлган
мақсадли кўрсаткичлар, шу жумладан:
сунъий интеллект асосида
яратилган дастурий маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард
АҚШ долларига етказиш;
ЯИДХП (my.gov.uz) да сунъий
интеллект асосида кўрсатилаётган хизматлар улушини 10 фоизга етказиш;
сунъий интеллект йўналишида
фаолият юритувчи илмий лабораториялар сонини 10 тага етказиш ҳамда юқори
қувватли ҳисоблаш серверларини ишга тушириш;
Ҳукуматнинг сунъий
интеллектга тайёрлик индексида (Government AI Readiness Index) Ўзбекистонни
биринчи 50 та ўриндаги давлатлар қаторига киришига эришиш.
2025 йил 1 сентябргача
лойиҳалар ва илмий-амалий тадқиқотларни зарур маълумотлар билан таъминлаш
мақсадида қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ барча ахборот хавфсизлиги
чораларини кўрган ҳолда “катта маълумотлар” базаси яратилади.
2026 йил 1 майгача сунъий
интеллект технологияларини жорий этиш лойиҳалари доирасида маълумотларни қайта
ишлаш учун мўлжалланган ҳисоблаш қувватлари ишга туширилади.