“Рақамлаштириш соҳасида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-157-сон, 14.10.2024 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, IT-парк резидентларига қуйидаги қўшимча фаолият
турлари бўйича хизмат кўрсатишга рухсат берилади:
ахборот технологиялари соҳасида ташкил этиладиган таълим
хизмати доирасида, инглиз тили билан бир қаторда бошқа хорижий тилларни ҳам
ўқитиш;
интернет орқали ахборот хизматларини экспорт қилиш фаолияти
доирасида, бизнес-жараёнлар аутсорсинги йўналиши бўйича таълим фаолиятини
амалга ошириш;
интернет орқали билим жараёнлари аутсорсинги (Knowledge
Process Outsourcing) хизматларини хорижий давлатларга экспорт қилиш.
2025 йил 1 февралдан 2030 йил 1 январгача экспорт хизматлари
ҳажми календарь йил давомида 10 миллион АҚШ долларидан ошган IT-парк
резидентларига ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларини кўрсатган,
Ўзбекистон билан иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битим
тузилмаган давлатларнинг юридик шахслари ушбу календарь йил якунигача фойда
солиғидан озод этилади.
2025 йил 1 февралдан 2040 йил 1 январгача жами даромади
таркибида экспорти ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган IT-парк резидентларининг
таъсисчилари (иштирокчилари) – Ўзбекистон норезидентлари бўлган жисмоний ва
юридик шахсларнинг дивидендлар тарзидаги даромадларига жисмоний шахслардан
олинадиган даромад солиғи ҳамда фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ
этилади.
Фармонга кўра, 2028 йил 1 январдан 2040 йил 1 январгача
қуйидаги мезонлардан бирига тўғри келадиган IT-парк резидентлари учун Президент
Фармонида белгиланган солиқ ва божхона имтиёзлари узайтирилади (ҚҚС бундан
мустасно):
календарь йил давомида жами даромади таркибида IT-парк
резидентлари томонидан амалга оширишга рухсат этилган фаолият турлари бўйича
экспорти ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахслар;
календарь йил давомида 18 ёшдан ошган битирувчиларининг 50
фоиздан ортиқ қисми IT-парк резиденти бўлган экспортчи корхоналарга ишга
жойлашган IT-таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар.
2025 йил 1 апрелдан ОТМларнинг ахборот технологиялари
соҳасидаги фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий
даражасига эга бўлган хорижлик профессор-ўқитувчиларига ҳам “IT-visa” берилади.2028
йил 1 январгача Рақамли технологиялар соҳасида ўзини ўзи банд қилган шахсларни
қўллаб-қувватлаш дастури амалга оширилади.