Биласизми?
Солиқ кодексининг 426-моддасига кўра, қуйидаги ер
участкалари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди:
1) нотижорат ташкилотлари томонидан нотижорат фаолияти
доирасида фойдаланиладиган ерлар;
2) аҳоли пунктларининг, боғдорчилик, узумчилик ёки
полизчилик ширкатларининг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор
кўчалар, йўллар, шохобча йўллар, суғориш тармоқлари, коллекторлар, соҳил бўйи
ерлари ва бошқа шу каби умумий фойдаланишдаги ерлар);
3) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари эгаллаган ерлар;
4) аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам
олиши учун фойдаланиладиган ерлар (дарахтзорлар, истироҳат боғлари,
сайилгоҳлар, хиёбонлар, аҳолининг оммавий дам олиши ва туризмини ташкил этиш
учун белгиланган жойлар, шунингдек ариқ тармоқлари эгаллаган ерлар);
5) давлат қўриқхоналарининг, комплекс (ландшафт) буюртма
қўриқхоналарининг, табиат боғларининг, давлат табиат ёдгорликларининг, буюртма
қўриқхоналарнинг (бундан овчилик хўжаликларида ташкил этиладиган буюртма
қўриқхоналар мустасно), табиий питомникларнинг, давлат биосфера
резерватларининг, миллий боғларнинг ерлари;
6) соғломлаштириш аҳамиятига молик ерлар – тегишли
муассасалар ва ташкилотларга доимий фойдаланишга берилган, профилактика ҳамда
даволаш ишларини ташкил этиш учун қулай табиий шифобахш омилларга эга бўлган ер
участкалари;
7) рекреация аҳамиятига молик ерлар – аҳолининг оммавий дам
олиши ва туризмини ташкил этиш учун тегишли муассасалар ҳамда ташкилотларга
берилган ер участкалари;
8) тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар – тегишли
муассасалар ва ташкилотларга доимий фойдаланишга берилган моддий маданий мерос
объектлари, хотира боғлари эгаллаган ер участкалари;
9) гидрометеорология ва гидрогеология станциялари ҳамда
постлари эгаллаган ерлар;
10) юридик шахс балансида бўлган ва фуқаро муҳофазаси ҳамда
сафарбарлик аҳамиятига молик алоҳида жойлашган объектлар эгаллаган ерлар;
11) коммунал-маиший аҳамиятга молик ерлар (дафн этиш
жойлари, маиший, қурилиш ва бошқа чиқиндиларни йиғиш, қайтадан ортиш ва саралаш
жойлари, шунингдек чиқиндиларни зарарсизлантириш ҳамда утилизация қилиш
жойлари);
12) кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналар эгаллаган ерлар,
шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари, бундан яшаш учун
мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари эгаллаган ер участкалари мустасно;
13) сув фонди;
14) захиралар;
15) геология-қидирув ва (ёки) изланиш ишларини ўтказиш учун
ажратилган ер участкалари.