Бугун, 19 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида
Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Барча ҳудудлар қатори Қорақалпоғистонда ҳам иқтисодиётни тез
ўстиришга замин туғдирадиган драйвер йўналишларда инвестиция, иш ўрни,
экспортни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ўтган даврда Қорақалпоғистонда 1,4 миллиард доллар
тўғридан-тўғри хорижий инвестиция эвазига 150 та лойиҳа ишга тушди.
Тадбиркорлар 12 мингдан 25 мингга, тижорат майдонлари 1,5 миллион квадрат
метрга кўпайиб, 212 минг одам доимий ишга жойлашди.
Қорақалпоғистонда бизнес ва инвестиция учун қулай муҳит, даромад
топиш учун янги-янги имкониятлар пайдо бўлди.
Масалан, фаолиятини микро-лойиҳадан бошлаган 13 минг
тадбиркор кичик бизнесга, яна 351 таси ўрта бизнесга ўтди. Йиллик айланмаси 100
миллиард сўмдан юқори тадбиркорлар 43 тага етди.
Давлат дастурлари доирасида йўл, сув, ижтимоий объектлар
қурилиши ва маҳалла инфратузилмасига 11 триллион сўм ажратилди. Хусусан, боғча
қамрови 28 фоиздан 84 фоизга ошди. Янги 21 та мактаб қурилди, яна 243 таси
тўлиқ таъмирланди.
Илк марта 700 ўринга мўлжалланган 17 қаватли IT-парк
қурилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида икки йил ичида 40 мингга
яқин қорақалпоғистонлик ёшлар ўқитилди.
Туман ва шаҳарларда 74 та оилавий шифокорлик пункти, 81 та
поликлиника, 92 та маҳалла тиббиёт пунктлари ишга тушди. Тўрткўл, Қўнғирот ва
Чимбой туманларида қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари
ташкил этилди. Ўтган даврда тиббиёт муассасаларига 300 миллиард сўмлик 1,5
мингдан зиёд асбоб-ускуналар етказилди, йил якунигача яна 141 миллиард сўмлик
тиббий анжомлар берилади.
Яқин-яқингача ўз уйига мулк ҳуқуқи бўлмагани учун 100
мингдан ортиқ аҳоли қийналиб келаётган эди. Бу муаммо ҳал бўлиб, 27 мингта
хонадонда яшовчи фуқароларнинг уй-жойига бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилди.
Қорақалпоғистонда Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси
ташкил қилиниб, 452 та маҳалланинг ҳар бирига 500 миллион сўмдан ажратилди.
Осиё тараққиёти банкидан жалб қилинган 274 миллион доллар
ҳисобидан “Бухоро – Нукус – Бейнов” йўналишидаги 240 километр магистрал йўл
яқин кунларда ишга тушиши маълум қилинди.
Оролбўйидаги иқлим шароитини яхшилаш бўйича ҳам жуда катта
дастур бошланган. Сўнгги етти йилда Орол денгизининг қуриган тубида 1,9 миллион
гектарда ўрмонзорлар барпо этилди. Натижада, ҳудуднинг ўрмон билан қопланиш
даражаси 19 фоиздан 35 фоизга етди.
Экотизимни яхшилаш, шўрланган, сувсиз муҳитда янги нав ва
уруғларни яратиш учун Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди.
Яқинда тасдиқланган қишлоқ хўжалигини иқлимга мослаштириш
дастурига кўра, Оролбўйида иқлим ўзгариши оқибатини юмшатишга 80 миллион доллар
берилади.
Шулар билан бирга, Қорақалпоғистон аҳолисини рози қилиш,
ҳаётини яхшилаш, инсон қадрини улуғлаш бўйича ҳудуд раҳбариятида ташаббускорлик
етишмаётгани, туман ҳокимлари эса бунга масъулиятсизлик билан ёндашаётгани
кўрсатиб ўтилди, амалга оширилаётган ишлар етарли эмас, деб топилди.
Йил бошидан Бўзатов, Беруний, Қораўзак, Кегейли, Мўйноқ,
Тахиатош, Тахтакўпир, Хўжайли ва Шуманайда инвестиция 5 миллион долларга ҳам
етмагани қайд этилди.
Инвестиция ҳисобига ташкил қилинган баъзи корхоналар
ишламаётгани, ҳудудда экспорт 100 миллион доллардан кам бўлгани танқид қилинди.
Йил бошидан Қорақалпоғистондаги корхоналар 350 миллиард
сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланди.
Натижада тадбиркорлар “соя”дан чиққани, фаолиятини
кенгайтиргани ҳисобига 4 минг аҳоли ишли бўлди. Лекин, имтиёз олган айрим
корхоналарда иш ўринлари камайган.
Нукус, Кегейли, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпир туманларини
“ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айлантириш ишларида сусткашликка йўл
қўйилаётгани қайд этилди.
Қорақалпоғистонда бизнес учун яратилган имконият ва шароит
бошқа бирорта вилоятда йўқлиги ҳисобга олинса, шаҳар-туман ҳокимлари бу
имкониятларни лойиҳа ва иш ўрнига айлантира олганда, кўрсаткичлар 5-10 карра
юқори бўларди, деди давлатимиз раҳбари.
Давлатимиз раҳбари ҳудуднинг ишга солинмаган имкониятларини
кўрсатиб берди.
Масалан, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси. Йил бошидан
Қорақалпоғистонга 1 миллион 300 минг сайёҳ ташриф буюрди. Лекин меҳмонхона
ўринлари 2,5 мингга ҳам етмагани учун туристлар нари борса 1-2 кун вақтини
Қорақалпоғистонда ўтказаяпти.
Нукус шаҳрида жойлашган Аччиқ-кўл атрофидаги 20 гектарда
турар-жой комплекси, замонавий меҳмонхона ва дам олиш масканларини ташкил қилиш
мумкин.
Нукус шаҳри ва туманидан ўтган Дўстлик канали ва Кегейлидаги
“Кегейли” канали бўйида йирик савдо ва сервис мажмуаларини барпо қилса бўлади.
Нукус шаҳрида жойлашган “Истиқлол” парки 5 йилдан буён
ишламаяпти. Ушбу боғ хусусий шериклик асосида фойдаланиш учун берилса, тадбиркорлар
10 миллион доллар сармоя киритиб, замонавий парк барпо этиш таклифини берган.
Амударё, Тўрткўл, Беруний, Хўжайлида туристларни жалб қилиш
бўйича жуда катта салоҳият борлиги таъкидланди.
Хўжайлидаги Самонкўл ва Бағман маҳаллаларида тадбиркорлар 10
миллион доллар инвестиция киритиб, 2 та паррандачилик комплексини ишга
туширмоқчи.
Тўрткўлдаги Уллибоғ маҳалласида 6 та тадбиркор қурилиш
материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Уларга асосий темир йўлга уланиш
учун ўз ҳисобидан 100 метр тармоқ тортишга рухсат берилса, қўшимча 50 миллиард
сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, 2 миллион долларлик экспорт қилишини айтмоқда.
Беруний, Тўрткўл, Хўжайли ва Амударё туманидан ўтувчи “Ғузор
– Бухоро – Нукус – Бейнов” йўли бўйидаги 140 гектар ерда 300 та савдо ва сервис
объектини жойлаштирса бўлади.
Элликқалъада 19 та маҳалла атрофида бозор йўқлиги учун
Тўрткўл ва Беруний туманларига боришга мажбур. Бу маҳаллаларга яқин жойдан 10
гектар ажратилса, тадбиркор 5 миллион доллар инвестиция киритиб, замонавий
бозор қурмоқчи.
Шу каби кўплаб имкониятларни санаб, Президент
Қорақалпоғистон туман ва шаҳар ҳокимлари масъулиятини ошириш бўйича янги тизим
бўлишини таъкидлади.
Бунда, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар ойда ўзига бириктирилган
биттадан вилоятга боради, улардаги яхши тажрибаларни ўрганади ва туманида жорий
қилади. Тадбиркорларга ўз ҳудудидаги салоҳият ва устун жиҳатларни
тадбиркорларга тақдимот қилади, камида 5 тадан ташаббускор топиб, ўз туманига
олиб келади ва лойиҳани бошлайди.
Ҳафтада бир кунни тўлиқ тадбиркор ва инвесторларга ажратиб,
муаммосига ечим топади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон ҳудудлари билан бошқа
вилоятлардаги туманлар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича ҳар йили
инвестиция форуми ўтказилади.
Ўтган йили Қорақалпоғистондаги саноат лойиҳалари учун 100
миллион доллар ресурс берилди.
Нукус шаҳрида саноат ипотекаси асосида тадбиркорларга
бериладиган 35 минг квадрат метр майдони бор илк лойиҳа ишга тушаяпти. Бир ой
ичида яна бир шундай объект фойдаланишга топширилади.
Мутасаддиларга ушбу тажрибани оммалаштириб, йил якунигача
Нукус эркин иқтисодий зонаси ҳудудида замонавий технопарк ташкил қилиш
топширилди. Бунда, бизнес учун тайёр бинолар қурилиб, тадбиркорларга 10 йилга
лизингга беради.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда саноатни ривожлантириш учун яна
100 миллион доллар йўналтирилади.
Нукус шаҳрида 1 миллион доллар, қолган туманларда 300 минг
доллар инвестиция киритиш шарти билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши қарори
асосида ер участкалари тўғридан-тўғри берилаяпти.
Кичик инвестицияларга ҳам ер тўғридан-тўғри берилса,
инвесторлар Нукус шаҳри, туман марказлари ва йўл бўйларида камида 2 минг
аҳолини иш билан таъминламоқчи.
Давлатимиз раҳбари бундай кичик ва ўрта лойиҳаларга ерни
тўғридан-тўғри ажратиш таклифини маъқуллади.
Умуман, Қорақалпоғистонда амалга оширса бўладиган яна 9,5
миллиард долларлик 120 та истиқболли лойиҳалар тайёрланган.
Сентябрь ойида Қорақалпоғистонда йирик Инвестиция форумини
ўтказиш режа қилинган. Масъулларга форумга пухта тайёргарлик кўриш топшириғи
берилди.
Қорақалпоғистон туманлари ҳокимлари ва иқтисодий комплекс
йил якунигача 121 минг аҳолини банд қилиши муҳимлиги таъкидланди.
Бунинг учун тадбиркорларнинг кредит ва айланма маблағ билан
боғлиқ масаласини тез-тез ҳал қилиш, маҳаллалар ихтисослашувидан келиб чиқиб, 9
мингта микро ва кичик лойиҳани ишга тушириш, кичик ва ўрта бизнесни
қўллаб-қувватлашга 636 миллиард сўм йўналтириш вазифалари белгиланди.
Шуларни ҳисобига йил якунигача Қорақалпоғистонда камбағаллик
даражаси ҳозирги 13,6 фоиздан 8,5 фоизга тушиши ҳисоб-китоб қилинган.
Қорақалпоғистон аҳолисига қулай шароитлар яратиб бериш учун
республика бюджетидан йил якунигача қўшимча 100 миллиард сўм берилиши
белгиланди.
Келгуси йилда Қорақалпоғистонда ижтимоий соҳа ва
инфратузилма учун 1 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш режа қилинган. Хусусан,
24 та мактаб, 5 та боғча, 7 та тиббиёт муассасаси қурилади ва таъмирланади.
Саноат зоналари ва йирик ишлаб чиқариш объектларига
инфратузилма олиб боришга 353 миллиард сўм йўналтирилади.
Қорақалпоғистоннинг имкониятларини тўлиқ ишга солиш мақсадида
ҳудудни ривожлантириш бўйича берилган топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли
ижроси устидан назорат Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ва Президентнинг
Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси
Турсинхан Худайбергенов зиммасига юклатилди.
Президентимиз тадбиркорлар билан бу йилги очиқ мулоқот айнан
Қорақалпоғистонда ўтказилишининг сабабларини айтди.
Қайд этилганидек, Қорақалпоғистонга инвестиция киритиб,
бизнес қилишнинг бошқа ҳудудларга нисбатан 3 та устунлиги бор.
Биринчиси – Қорақалпоғистонда бизнес учун бирорта ҳудудда
йўқ имтиёзлар пакети қилиб берилган. Жумладан, сўнгги беш йилда алоҳида фармон
ва қарорлар билан 52 турдаги имтиёз ва енгилликлар берилди.
Ушбу имтиёзлар ҳисобига ўтган даврда тадбиркорлар ихтиёрида
2 триллион сўмдан зиёд маблағ қолди.
Бундан ташқари, 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларга
инфратузилма қилиб беришни ҳам давлат ўз зиммасига олган.
Қорақалпоғистоннинг иккинчи устунлиги – ер ажратишнинг содда
тизими жорий қилинган.
Нукус шаҳрида 1 миллион доллар, қолган туманларда 300 минг
доллар инвестиция киритиш шарти билан Вазирлар Кенгаши қарори асосида ер
участкалари тўғридан-тўғри берилмоқда.
Учинчиси. Қорақалпоғистон – бу Янги Ўзбекистоннинг
дарвозаси. Чунки катта бозорларга чиқиш учун энг қулай ҳудуд айнан
Қорақалпоғистон.
Лекин, тадбиркорларимиз бу имкониятдан тўлиқ
фойдаланмаётгани кўрсатиб ўтилди. Масалан, хом ашё “Довуд-ота” постидан олиб
ўтилса, Сариёғочга нисбатан масофа 1 минг километрга, транспорт харажати эса 25
фоизга камаяди.
Агар импорт хом-ашё Қорақалпоғистонни ўзида қайта ишланиб,
тайёр маҳсулот қилиб, экспортга чиқариладиган бўлса, ташишдан иқтисод қилинган
маблағ 2 карра ошади.
Эртага республикамизнинг барча ҳудудларидан 300 га яқин энг
кўзга кўринган тадбиркор ва инвесторлар Қорақалпоғистонда тўпланади.
Бундан ташқари, хорижда бизнесини йўлга қўйган яна 40 дан
зиёд ватандошларимиз келиб, Қорақалпоғистон шароити билан танишади. Ҳудудий
студияларда мингдан ортиқ бизнес вакиллари иштирок этади.
Ушбу тадбиркорлар билан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш муҳимлиги
қайд этилди. Мутасаддиларга бошқа ҳудудлардан келган тадбиркорлар билан ишлаб,
ҳар бир туман кесимида “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастурини ишлаб чиқиш
топширилди.
Бу дастур Қорақалпоғистонда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматларни
ривожлантириш учун янги нафас, камида 10 миллиард долларлик инвестиция ва 500
минг иш ўрни учун катта замин бўлади.
“Кўриб турибсизлар, қорақалпоқ заминида яшаб, ишлаётган
одамларнинг эртаси бугунидан яхши бўлиши учун катта марраларни олганмиз.
Бунинг учун ҳамжиҳат бўлиб, олдимизда турган қийинчиликларни
енгиб ўтиш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз шарт ва зарур.
Мақсадимиз битта – азалдан дўст-қардош, оға-ини, қуда-анда
бўлиб яшаётган ўзбек ва қорақалпоқ оилаларининг тинч ва фаровон, бахтли ҳаётини
таъминлаш.
Қилаётган барча ишларимиз, келгусида амалга оширадиган улкан
режа ва дастурларимиз замирида айни шу мақсад ётибди”, - деди давлатимиз
раҳбари.
Қорақалпоқ заминида эл-юрт учун ўзини аямасдан меҳнат
қилишга бел боғлаган инсонлар, кўзи ёниб, келажакка талпиниб турган азму
шижоатли ёшлар кўплиги, фақат уларнинг йўлини очиб бериш, эзгу ғоя, ташаббус ва
интилишларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди.
"Илгари ҳам айтганимдек, ўзбек ва қорақалпоқнинг тарихи
ҳам, тақдири ҳам бир. Ва мен ишонаман, бизнинг ёруғ, бахтли келажагимиз ҳам
албатта бир бўлади", - деди Президент сўзининг якунида.
Йиғилишда мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди,
Қорақалпоғистон жамоатчилиги билан очиқ мулоқот қилинди.