Бизнес-омбудсман девони давлат назорат ва хизмат кўрсатувчи идораларида тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнларини доимий назоратга олган.
Ушбу назорат тадбирлари давомида айрим мансабдор шахслар
томонидан қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланди. Хусусан,
Вазирлар Маҳкамасининг 08.07.2022 йилдаги 373-сонли қарори билан тасдиқланган
“Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси
орқали кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом”нинг 19-банди талабларига
риоя қилмаслик ҳолатлари кузатилди.
Мазкур низомга кўра, ҳоким ёрдамчиси қарз олувчининг
аризасига асосан жойига чиққан ҳолда, унинг фаолият тури бўйича
шарт-шароитлари, имконияти ҳамда етарли кўникмаси мавжудлигини ўрганиб, ўрганиш
натижаси бўйича фото ҳисобот ва қарз олувчининг харитадаги жойлашувини илова
қилган ҳолда кредит ажратиш учун тавсиянома ёки кредит ажратишни рад этиш
тўғрисидаги хулосани беш иш куни мобайнида Ягона электрон платформага
жойлаштириши белгиланган.
Вакил девони ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишларда
Фарғона вилоятидаги айрим туман ва шаҳар ҳокимлари ёрдамчилари мазкур
талабларга риоя қилмаганликлари аниқланди. Мисол учун, Қува тумани ҳоким
ёрдамчиси А.Т. “Бахтиёр” (номи ўзгартирилган) МЧЖнинг кредит олиш ҳақидаги
мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқмаган.
Шу каби қонун бузилиши ҳолатлари бошқа 14 нафар ҳоким
ёрдамчилари томонидан ҳам содир этилган.
Вакил девони ходимлари томонидан аниқланган мазкур 15 та
ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги
кодексининг 43-моддасига асосан маъмурий чоралар кўрилди.
Бизнес-омбудсман девони давлат органларида тадбиркорларнинг
мурожаатлари билан ишлаш жараёнларини назорат қилишда давом этади.