17 июля 2024 г.

Тадбиркорга ортиқча тўлов қилдирган масъуллар жазоланади

Бугун, 17 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Таҳлиллар кўрсатишича, 2024 йилнинг биринчи олти ойида ялпи ички маҳсулот 6,4 фоизга кўпайди, саноат – 7,8 фоизга, қурилиш – 10,1 фоизга, хизматлар – 12,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги – 3,8 фоизга ўсди.

Бюджет даромадлари ҳам 113 триллион сўмга етиб, 14 фоизга ўсди.

Умуман, йил бошидан буён республикада яратилган қўшилган қиймат 567,4 триллион сўмга етди. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 94 триллион сўмга кўп.

 

Биринчи ярим йилликда жами капитал қуйилмалар 229 триллион сўмни ташкил қилганини таъкидланди. Шундан 15,5 миллиард доллари хорижий инвестиция.

Йил бошидан 3,5 миллиард долларлик 3 мингта лойиҳа ишга тушиб, 76 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратилди.

Тадбиркорлик учун 82 триллион сўм кредит ва 15,5 триллион сўм субсидия берилиб, 600 минг аҳоли бизнесга жалб қилинди. Берилган енгиллик ва имтиёзлар ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида 56,3 триллион сўм маблағ қолди.

Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари бошлангани, иқтисодий комплекс маҳаллага туширилгани ҳисобига 4 мингдан ортиқ маҳалла саноат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашди, 1 миллион 600 минг аҳоли расмий банд бўлди.

 

- Ютуқларимиз ҳақида кўп гапириш мумкин. Дунёдаги оғир шароитга қарамасдан барқарор иқтисодий ўсиш йўлида аниқ натижаларга эришаяпмиз. Буни Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, ҳамкор давлатлар раҳбарлари, рейтинг ташкилотлари, йирик инвесторлар ҳам эътироф этаяпти, - деди давлатимиз раҳбари.

Бунга муносиб ҳисса қўшаётган тармоқ, вилоят ва туманларга, тадбиркорларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.

 

Мутасаддиларга иккинчи ярим йилликда “Оилавий тадбиркорлик” дастури қамровини 1,5 баробар ошириб, 4 триллион сўм ажратиш топширилди.

Йил якунигача камида 50 та янги микро-молиялаш ташкилотини очиб, уларни кредитлашга 1 триллион сўм ресурс бериш вазифаси қўйилди.

 

“Уйчи тажрибаси”, яъни тадбиркорлар ва бизнес билан шуғулланиш истагидаги аҳоли билан манзилли ишлаш тизими асосида туман ҳокимлари тадбиркорлар билан, банклар эса мижозлари билан мунтазам учрашиб, уларга бизнесини кенгайтиришга кўмаклашиши белгиланди.

Бунда туман ҳокими инфратузилма масаласи, банк эса молиявий кўмак масаласи билан шуғулланади.

Мутасаддиларга тадбиркорлар билан манзилли ишлаш ҳисобига йил якунигача 670 минг аҳоли бандлигини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

 

Тадбиркорлар билан маҳаллабай ишлаш бўйича  “Ғиждувон тажрибаси” асосида туман ҳокимларига йил якунига қадар 1 мингта маҳаллада вертикал ўсадиган саноат биноларини ташкил қилиш топширилди.

Бундай биноларда хонадонларда ташкил қилинган, лекин кенгайиш имкони бўлмаган ишлаб чиқаришлар учун шароитлар яратилади.

Ушбу саноат марказларининг иккинчи ва ундан юқори қаватларида ишлаётган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади.

 

Туман даражасида катта лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган “Зарбдор тажрибаси” асосида саноат, савдо, хизмат ва замонавий агротехнологиялар соҳасида камида 5-7 тадан “драйвер” лойиҳа ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Улар туманлардаги саноат зоналари, бўш турган давлат объектларига жойлаштирилади.

Энг яхши лойиҳаларга жорий йилда 500 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Бу орқали яна 150 минг иш ўрни яратиш мумкин.

Умуман, айтилган 4 та тажрибани қўллаган ҳолда йил якунигача 2 миллион 416 минг аҳоли бандлигини таъминлаш режасини тасдиқлаш топширилди.

 

Бу йилги бюджетда белгиланган тушум прогнозини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

 

Мутасадди раҳбарлар иккинчи ярим йиллик учун тушум сўзсиз таъминланиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди.

Шу билан бирга, туман ҳокимлари ва солиқчилар режани бажараман деб, тадбиркорни ортиқча тўлов қилишга мажбурлаётгани бўйича ҳолатлар кузатилаётгани қайд этилди.

Ушбу вазиятни танқид қилиб, Президент ишлаб чиқариш ва даромад ошишига қийналган тадбиркорга кўмак бериш орқалигина эришиш мумкинлигини кўрсатиб ўтди.

Барча ҳоким ва солиқчилар қатъий огоҳлантирилди: тадбиркорга ортиқча тўлов қилдирган масъуллар жазоланади. Бош прокуратурага бу масалани алоҳида назоратга олиш топширилди.

 

Ўтган йили тадбиркорларга 90 триллион сўм божхона ва солиқ имтиёзи, субсидия ва компенсация тақдим этилган.

Эндиликда имтиёз ва субсидиялар мақсадли кўрсаткич билан бир йилга берилиши, натижасига қараб муддати чўзиб берилиши ёки умуман бекор қилиниши белгиланди.

Мутасаддиларга йил якунигача 10 триллион сўмлик асоссиз харажатларни мақбуллаштириш чораларини кўриш топширилди.

Йил бошида 20 та йирик корхонада таннархни 15 фоизга пасайтириш бўйича берилган топшириққа кўра, ўтган даврда харажат 8,3 триллион сўмга ёки 10 фоизга камайди. Бу ишларни, айниқса энергетикада тизимли давом эттириш топширилди.

 

Жорий йилда ҳудудий корхоналарда 164 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, ўсиш 8,6 фоизни ташкил қилди.

Хусусан, 87 та туманда ҳудудий саноат ўсиши республика кўрсаткичидан юқори бўлди. Лекин айрим туманларда саноат пасайгани, баъзиларида деярли ўсмагани кўрсатиб ўтилди.

Тўлиқ қувватда ишламаётган 295 та корхона фаолияти тикланиб, ишлаб чиқариш ҳажми 390 миллиард сўмга кўпайди.

Вилоят ҳокимлари ва мутасаддиларга яна 2 мингдан ортиқ корхона муаммосини ҳал қилиб, йил якунигача ишлаб чиқариш ҳажмларини тиклаш вазифаси қўйилди.

Умуман, барча вазирликлар ва вилоят ҳокимликларида Барқарор ривожланиш марказларини ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, таннархни камайтириш, истиқболли бозорларга йўл очиш, ҳудудларда тадбиркорлар масаласини тез ва шаффоф ҳал қилишда 7 та иқтисодий тадқиқот марказлари ва олийгоҳлари имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Президент экспортни кўпайтириш учун янги уруғ навларини ўзимизда яратишимиз кераклигини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Хитой ва Туркия тажрибаси асосида қишлоқ хўжалигида уруғчилик тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, экинлар ген банкини кенгайтириш чораларини ишлаб чиқиш топширилди. Ушбу ишларга 24 миллион доллар маблағ йўналтирилади.

Шунингдек, туманларда 75 минг гектар самарасиз боғлар борлиги, ҳар йили 1 минг гектардан боғни тиклаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу борада янги тизим жорий қилиниб, унга кўра ҳокимликлар саноатлашган боғларни яратиш учун буюртма беради, лойиҳаларини ишлаб чиқиб, тадбиркорларга 30 йилга ижарага беради.

Саноатлашган боғларни яратиш учун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси орқали имтиёзли кредитлар ажратилади.

Мутасаддиларга 75 минг гектар самарасиз боғлар ҳамда 100 минг гектар паст ҳосилли пахта, ғалла ва бошқа экин ерлари ўрнида саноатлашган боғ ва токзорлар барпо қилиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.

 

Пахта-тўқимачилик кластерларининг молиявий барқарорлиги билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Уларга берилган имтиёзли кредит муддати 2025 йил 1 апрелгача узайтирилиши белгиланди.

Ўтган йили пахта етиштириш учун олинган кредитни муддатида тўлиқ қайтарган кластерларга имтиёзли кредитнинг 8 фоизи қайтарилади.

Бу йил пахта хариди учун имтиёзли кредит кластерларнинг ип-йигирув корхоналарига берилади.

Кластерлар сотиб олинган пахта тозалаш заводи қийматининг камида 35 фоизини тўласа, бу мулкни гаровга қўйишга рухсат берилади.

Мутасаддиларга чуқур таҳлил қилиб, иқтисодий самарасиз, молиявий мажбурияти юқори бўлган кластерлар мақомини қайта кўриб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йил бошидан қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни молиялаштиришга 1 триллион 115 миллиард сўм йўналтирилди.

Бу ўз самарасини бериб, корхоналар тўлиқ қувватда ишлашни бошлади. Ҳудудларга 5 минг 781 та техника етказиб берилди.

Ҳокимларга унумдорликни ошириш учун пахта, мева-сабзавотчиликда механизация даражасини 50 фоизга етказиш топширилди.

Бунинг учун йил охиригача фермер ва деҳқонларни яна 6,5 мингта техника билан таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Йиғилишда комплекслар раҳбарлари, вазирлар ва ҳокимларнинг ҳисоботлари ва режалари тингланди.

 

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Уполномоченный

В условиях сложных экономических преобразований, если будут сняты препятствия и ограничения в деятельности предпринимателей, мы окажем им реальную помощь

Text to speech
Звуковое сопровождение