Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника маҳсулотлари экспортини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
2024 йил 15 майдан бошлаб белгиланган тартибда тасдиқланган
рўйхат бўйича республикадан экспорт қилинадиган тўқимачилик, чарм-пойабзал ва
электротехника маҳсулотлари бўйича шартномалар қийматини мониторинг қилиш ҳамда
экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назорат ўрнатилади.
Минимал экспорт нархлари белгиланадиган тўқимачилик, чарм-
пойабзал ва электротехника маҳсулотлари рўйхати Инвестицияларни жалб қилиш,
саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш бўйича Ҳукумат комиссияси
томонидан тасдиқланади.
Рўйхатга киритилган тўқимачилик, чарм-пойабзал ва
электротехника маҳсулотлари учун минимал экспорт нархлари ҳар ойда тегишли
маҳсулотлар бўйича ички ва ташқи бозор коньюнктураси таҳлили асосида
шакллантирилади ҳамда тасдиқланади.
Тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника маҳсулотлари
минимал экспорт нархлари бўйича маълумотлар Ташқи савдо операцияларининг ягона
электрон ахборот тизимига киритилади.
Бунда рўйхатга киритилган тўқимачилик, чарм-пойабзал ва
электротехника маҳсулотлари учун минимал экспорт нархлари Савдо-саноат
палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилинган кундан эътиборан икки иш куни
ўтгач амалга киритилади.
Тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника
маҳсулотларининг экспорт нархлари минимал экспорт нархларидан пасайтирилганлиги
аниқлаганда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги
Божхона қўмитаси томонидан ушбу ҳолат бўйича йигирма тўрт соат ичида электрон
ахборот алмашинуви тизими орқали Солиқ қўмитаси ҳамда Бош прокуратура
ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига хабар берилади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси ва Бош
прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департамента
томонидан аниқланган ҳолатлар юзасидан қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик
чоралари кўрилади.