7 марта 2024 г.

Ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор аёллар сони 205 мингдан ошди

Тошкент шаҳрида Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, аёлларга самимий меҳри ва ҳурматини изҳор этди.

 

– Биз ҳар йили бу кунни интиқлик, қалбимизда ажиб илиқлик билан кутамиз. Ушбу шукуҳли айёмда ҳаммамиз бизни дунёга келтирган, оқ сут бериб, меҳр ва тарбия бериб вояга етказган буюк она сиймосига, мўътабар аёл зотига таъзим қиламиз. Зеро, инсон қадрини улуғлаш аввало азизу мукаррама аёлларимизни улуғлашдан бошланади, – деди Президент.

 

Мамлакатимизда бу мақсад йўлида кўп ишлар қилинмоқда. Жумладан, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

Бу барча соҳаларда намоён. Масалан, сиёсий соҳани олсак, сайлов кодексимизда депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи ёки ҳар 5 нафаридан 2 нафари аёл киши бўлиши зарурлиги белгиланган. Ҳозирги вақтда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 2017 йилдаги 27 фоиздан 35 фоизга ошган.

 

Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда. Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда ишбилармон аёллар сафи икки баравар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 205 мингдан ошди. Шунингдек, 200 мингга яқин аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. 400 мингдан кўпи иш билан таъминланди.

 

Келажак тарбиячилари бўлмиш қизлар камолотига катта аҳамият берилмоқда. Ҳозирги кунда олийгоҳларда таълим олаётган 1 миллион 300 минг нафарга яқин талабанинг ярмидан кўпини қизлар ташкил этмоқда. Эҳтиёжманд оилаларга мансуб хотин-қизлар қўшимча давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилинмоқда. Улар учун имтиёзли таълим кредитлари ажратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларнинг контракт пулини қоплаб бериш йўлга қўйилган.

 

Юртимиз хотин-қизлари илм-фанда ҳам катта натижаларга эришмоқдалар. Сўнгги етти йилда 5 минг 247 нафар аёллар илмий даражалар олган. «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида таълим олган ёшларнинг 47 фоизини қизлар ташкил этган.

 

 

 

– Қанчалик қийин бўлмасин, биз қўшимча имконият топиб, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, хотин-қизларимизнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун шароит яратмоқдамиз ва бу ишларимиз албатта давом этади. Чунки аёлларнинг, хусусан, қиз боланинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши, касб-ҳунар эгаллаши оила бахти, фарзандлар камоли учун, шу асосда бутун жамият равнақи учун хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Президент Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили давлат дастурида белгиланган, хотин-қизларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган вазифаларга тўхталиб ўтди.

 

Бу борада Сенат Раиси бошчилигида махсус комиссия тузилиб, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича ишлар мутлақо янгича ёндашувлар ва тизим асосида ташкил қилинади.

 

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, ҳокимликларнинг хотин-қизлар ишлари бўйича ўринбосарлари ҳамда фаол аёллар Комиссия билан биргаликда жорий йилда 9 442 та маҳалладаги 580 мингга яқин ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлашга масъул этиб белгиланади.

 

Умуман, бир ой муддатда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, лойиҳаларни амалга ошириш учун 15 триллион сўм ажратилади. Бундан ташқари, Саудия Арабистони, Қатар, Япония, Жанубий Корея ва Германиядан 100 миллион доллар грант жалб қилинади.

 

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари, «маҳалла еттилиги” таркибидаги хотин-қизлар фаоллари аёлларга кўмакчи, оилавий масалаларда яқин сирдоши бўлиши лозимлиги таъкидланди.

 

 

 

Аёл зоти учун энг улуғи - оналик бахти. Юртимиз аҳолиси ҳар йили қарийб 900 мингга кўпаймоқда. Уларни жисмоний ва маънавий баркамол этиб, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш муқаддас бурч.

 

Шу маънода, давлатимиз раҳбари барча аёлларга мурожаат қилди.

 

– Биз маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб боришимиз керак. «Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз» деган ғоя асосида бу жараённи аввало оиладан, маҳалладан бошлашимиз лозим. Зотан, ҳадиси шарифда айтилганидек, “Ота-она ўз фарзандига яхши тарбиядан бошқа мерос қолдиролмайди”. Муҳтарама опа-сингилларимиз, дуогўй онахонларимизнинг масъулияти – айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади, – дея таъкидлади Президент.

 

Мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Жаҳон банкининг куни кеча эълон қилинган индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилди. Жорий йилда юртимиз яна бир йирик анжуман – Осиё хотин-қизлар форумига мезбонлик қилади.

 

Президентимиз байрам тадбирида қатнашаётган хорижий давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилаларини ҳам самимий қутлади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 мартдаги қарорига биноан эса 28 нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан, 5 мартдаги фармонга мувофиқ турли соҳаларда фаол бўлган аёллар орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.

 

Юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган хотин-қизлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилалари файзли дастурхон атрофида байрамни нишонлади.

 

Байрам тантанали концерт дастури билан давом этди.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Уполномоченный

Развитие любой экономики зависит от развития частной собственности, предпринимательства и частного сектора.

Text to speech
Звуковое сопровождение