Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 24 ноябрдаги 620-сон қарори билан “Ёнғин хавфсизлиги аълочиси” танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом қабул қилинди.
Қарорга кўра, танлов 2024 йилдан ҳар йили октябрь – декабрь
ойларида ёнғин чиқиш хавфи бўйича I ва II гуруҳга мансуб объектларга эга
тадбиркорлар ўртасида навбат билан йиллар кетма-кетлигида ўтказилади (янги
қурилаётган, реконструкция қилинаётган, кенгайтирилаётган, техник жиҳатдан
қайта жиҳозланаётган ва капитал таъмирланаётган объектлар бундан мустасно).
Номзодларнинг аризалари танлов эълон қилинган кундан
эътиборан 20 кун мобайнида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус электрон
ахборот тизими орқали туман (шаҳар) комиссиялари томонидан қабул қилинади
(танловда иштирок этиш бепул).
Танловда қатнашиш истагини билдирган номзодлар ўз аризалари
билан бирга қуйидагиларни тақдим этади:
тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги умумий маълумот
(объектнинг манзили, фаолият тури, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва бошқалар);
белгиланган тадбирларнинг бажарилганини тасдиқловчи
ҳужжатларнинг нусхалари, фотоальбом, 5 дақиқадан ошмаган, сифати юқори бўлган
видеолавҳали тақдимот материали.
Танлов 3 босқичда ташкил этилади:
1-босқичда танловда иштирок этиш учун муносиб номзодларни
танлаб олиш мақсадида туман (шаҳар) даражасида саралаш тадбирлари ўтказилади.
2️-босқичда
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари туман
(шаҳар) даражасида энг кўп балл тўплаган номзодлар бўйича тақдим этилган
ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқади ва баҳолайди.
3️-босқичда
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари томонидан
тақдим этилган номзодлар ўртасида танлов ўтказилади.
Танловнинг якуний босқичи ҳар йили декабрь ойининг иккинчи
10 кунлигида Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Танловда ғолиб деб топилган номзод 100 млн сўм миқдорида бир
марталик пул мукофоти билан тақдирланади ҳамда унинг фаолияти танлов натижалари
расмий эълон қилинган кундан кейинги 2 йил давомида давлат ёнғин назорати
органлари томонидан текширилмайди.